Мирзиёев меҳнат таътилидан қайтди — жорий ҳафтадаги режалар қандай?

Жорий ҳафтада президент ҳузурида ижтимоий-иқтисодий кун тартибидаги муҳим масалалар юзасидан йиғилишлар ўтказилиши кўзда тутилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 авг — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев қисқа муддатли меҳнат таътилидан қайтди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.
Жорий ҳафтада президент ҳузурида ижтимоий-иқтисодий кун тартибидаги муҳим масалалар юзасидан йиғилишлар ўтказилиши кўзда тутилган.
“Ҳафта давомида Президентимиз давлат ташрифи билан Қозоғистон Республикасида бўлиши, Остона шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг навбатдаги Маслаҳат учрашувида ҳамда "Марказий Осиё + Япония" форматидаги саммитда иштирок этиши режалаштирилган”, — деб ёзади Асадов.
Ҳафта якунида Япония бош вазири Фумио Кисида расмий ташриф билан республикага келиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 26 июлдан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққан эди.