ТОШКЕНТ, 4 авг — Sputnik. Ўзбекистонлик тадбиркорлар тажриба алмашиш мақсадида қозоғистонлик фермер хўжаликларига боради. Бу ҳақда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълум қилди.
Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Қаҳрамон Юлдашев Қозоғистоннинг Астана шаҳрида икки давлат аграр соҳа вакиллари ҳамда тадбиркорларининг ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масаларига бағишланган кенгайтирилган учрашувида иштирок этди.
“Унда аграр соҳасини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш технологиясини янада кенг тарғиб этиш, чорвачилик ва терини қайта ишлаш соҳасида қўшма ҳамкорлик лойиҳаларини амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилинди”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, томонлар ўзларининг бизнес таклиф ва ташаббуслари билан ўртоқлашди, ҳамкорликнинг янгича механизми ва шартлари юзасидан фикрлар алмашилди.
Қайд этилишича, икки давлат тадбиркорлари ўртасида “B2B” форматида кейинги музокаралар давом эттирилади.
Қолаверса, ўзбекистонлик тадбиркорларнинг тажриба алмашиш мақсадида қозоғистонлик фермер хўжаликларига ташрифи бўйича келишувларга эришилди.