ТОШКЕНТ, 4 авг — Sputnik. Ўзбекистонлик дзюдочи Гулноза Матниязова профессионал спортчилик фаолиятини юқори нотада якунлади, дея хабар берди Милий олимпия қўмитаси.
Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларидан сўнг маҳоратли дзюдочи Гулноза Матниязова профессионал спортчилик фаолиятини расман якунлаганини эълон қилди.
Қайд этилишича, Матниязова Олимпия ўйинлари доирасида аралаш жамоавий дастурда 3 та терма жамоа вакилларига қарши баҳсда барча беллашувларда ғалаба қозонди ва спортчилик фаолиятини юқори нотада якунлади.
"Бир неча кундан сўнг 30 ёшни қарши оладиган спортчимиз Рио-2016, Токио-2020 ва Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари, 3 та Осиё ўйинлари, жаҳон чемпионатлари, “Катта дубулға” ва Гран-при мусобақаларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди", —дейилади хабарда.
Айтилишича, Ўзбекистонда аёллар дзюдосининг янги босқичга кўтарилишида Матниязованинг ҳам улкан ҳиссаси бор.
Маълумот учун, Матниязова 2021 йил “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.