Тошкент Ўзбекистон-Беларусь аёллари бизнес-форумига тайёргарлик кўрмоқда — тафсилотлар

Форумда тижорат шартномалари, битимлар ва ҳамкорлик меморандумлари тузиш бўйича келишувларга эришиш режалаштирилган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 июл — Sputnik. Тошкентда 26-27 август кунлари иккинчи Ўзбекистон-Беларусь аёллари бизнес-форуми бўлиб ўтади. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева раҳбарлигидаги йиғилишда маълум қилинди.
Йиғилишда 26-27 август кунлари ўтказилиши режалаштирилаётган иккинчи Ўзбекистон-Беларусь аёллари бизнес-форумига тайёргарлик кўриш масалалари кўриб чиқилди.
Шунингдек, форумни юқори савияда ташкил этиш ва янги ҳамкорлик шартномаларига эга бўлиш, жараёнларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ҳамда белгиланган вазифалар муҳокама қилинди.
“Иккинчи бизнес-форумда етти секция, яъни хизматлар соҳаси, электр техник саноати, кимё саноати, енгил саноат, қишлоқ ва озиқ-овқат саноати, машинасозлик ва электр энергетика ва “яшил” энергетика йўналишлари бўйича мажлислар ташкил этиш режалаштирилмоқда”, — дейилади хабарда.
Секция мажлислари ва кўргазма ўтказиладиган жойларда икки мамлакат тадбиркор аёллари ва давлат органлари ўртасида “B2B” ва “G2B” форматидаги учрашувлар, шунингдек, тижорат шартномалари, битимлар ва ҳамкорлик меморандумлари тузиш бўйича келишувларга эришиш назарда тутилган.
Бизнес-форумдан кўзланган асосий мақсад:
Ўзбекистон ва Беларусь тадбиркор аёлларининг бизнес ва иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлаш;
янги ҳамкорлик имкониятларини излаш ва мавжудларини кенгайтириш;
тажриба алмашиш;
икки мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишига ҳисса қўшиш;
ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишга хотин-қизларни кенг жалб қилиш.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Минскда бўлиб ўтган бизнес-форумда икки мамлакат тадбиркор аёллари ўртасида “B2B” форматида ўтказилган учрашувлар натижасида 92 млн доллар миқдорида 42 та шартнома ва 17 та меморандум имзоланган.
Ўзбекистон ва Беларусь 2025 йилгача 1 млрд доллардан ортиқ лойиҳаларни амалга оширади