Тошкент аэропортида йўловчилардан фикр ва таклифларни қабул қилувчи QR-кодлар ишга тушди

Яқин келажакда бундай QR-кодлар Ўзбекистондаги барча халқаро аэропортларда мавжуд бўлади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 31 июл — Sputnik. Тошкент аэропортида қайта алоқа ва фикр-мулоҳазалар ҳамда таклифлар билдириш учун QR-кодлар жойлаштирилди, дея хабар берди "Uzbekistan Airports".

“Энди ҳар бир йўловчи смартфон орқали QR-кодни сканерлаш орқали аэропорт фаолиятига баҳо бериши ва ўз таклифларини қолдириши мумкин. Бу бошқарув компаниясига йўловчиларнинг эҳтиёжларини яхшироқ тушунишга ва хизмат кўрсатиш, навигация ва ноавиация хизматлари сифатини яхшилашга ёрдам беради”, — дейилади хабарда.

Пойтахт аэропортининг учиб келиш ва учиб кетиш залларининг кўзга кўринган жойларига ўрнатилган QR-кодлар йўловчиларни қулайлик учун уч тилда – ўзбек, рус ва инглиз тилларида ишлаб чиқилган қисқа сўровномага йўналтиради. Анкета ҳаволаси www.uzairports.com расмий веб-сайтида ҳам мавжуд.
“Яқин келажакда бундай QR-кодлар Ўзбекистондаги барча халқаро аэропортларда мавжуд бўлади”, — дея қўшимча қилинган хабарда.
Хабарда компания йўловчилардан аэропорт хизматларини янада қулай қилиш учун биргаликда янги алоқа тизимидан фаол фойдаланишни сўраган.