TOШКЕНТ, 31 июл — Sputnik. Москва ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳаниянинг ўлимини мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган сиёсий қотиллик деб билади. Бу ҳақда Россия Федерацияси ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Богданов РИА Новостига маълум қилди.
"Буларнинг барчаси жуда ёмон, бу мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган сиёсий қотиллик ва бу кескинликнинг янада кучайишига олиб келади", — деди Богданов.
Унинг сўзларига кўра, содир бўлган воқеа Доҳадаги музокараларга жуда салбий таъсир кўрсатади.
Ливаннинг "al-Mayadeen" телеканали маълум қилишича, Исмоил Ҳанияни ўлдирган ракета Эрондан учирилмаган.
“Ҳания Эрондан бошқа давлатдан отилган ракета оқибатида ҳалок бўлди. Ханиянинг бошқа давлатдан учирилган ракета билан ўлдирилиши Эронга қарши тажовузни англатади ва қатъий жавобни талаб қилади”, — деб таъкидлади манба.
Исроилни ҲАМАСнинг Фаластин сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилиши учун қасос кутмоқда. Бу ҳақда Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг собиқ бош қўмондони Муҳсин Ризоий Эроннинг "Tasnim" ахборот агентлигига маълум қилди. Унинг айтишича, Исроил Ҳаниянинг ўлдирилиши учун катта тўлов тўлайди.
Эслатиб ўтамиз, Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Ҳания Эрон пойтахти Теҳрондаги қароргоҳига уюштирилган ҳужум оқибатида ҳалок бўлди. ҲАМАС ҳаракати расмий баёнотида сиёсий бюро раҳбарининг ўлимини тан олиб, воқеада Исроилни айблади. Ҳаракатнинг билдиришича, ҳужумлар Ҳания Эроннинг янги президентининг инаугурация маросимида иштирок этганидан кейин содир бўлган.