ТОШКЕНТ, 30 июл — Sputnik. Ўзбекистон Татаристон билан ҳамкорликда электропоездлар, йўловчи ва метро вагонларини ишлаб чиқариш масаласини муҳокама қилди, дея хабар берди Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.
Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Татаристон бош вазири ўринбосари, саноат ва савдо вазири Олег Коробченко бошчилигидаги делегация вакиллари билан учрашди.
“Учрашувда транспорт машинасозлигини ривожлантириш йўналишида ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди. Хусусан, ўзаро ҳамкорликда электропоездлар, йўловчи ва метро вагонларини ишлаб чиқариш бўйича қувватларни яратиш юзасидан фикр алмашилди”, — дейилади хабарда.
Шунингдек, ишлаб чиқариш жараёнларини чуқур локализация қилиш билан боғлиқ жиҳатлар ҳам кўриб чиқилди. Учрашув якунида томонлар истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликдаги ишларни давом эттиришга келишиб олди.