Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарадаги иккита божхона постини 24/7 режимига ўтказди

“Фарғона” чегара божхона пости ҳамда “Оқ-қия” божхона пункти туну кун ишлаш режимига ўтказилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 29 июл — Sputnik. Шоҳимардонга киришда жойлашган “Оқ-қия” божхона пункти энди туну кун ишлайди, дея хабар берди божхона қўмитаси.
Қайд этилишича, 26 июлидан бошлаб Фарғона вилояти божхона бошқармасининг “Фарғона” чегара божхона пости ҳамда Шоҳимардонга кириш қисмида жойлашган “Оқ-қия” божхона пункти туну кун ишлаш режимига ўтказилди.

“Эндиликда Шоҳимардонга дам олгани бораётган фуқаролар ушбу божхона объектлари орқали исталган вақтда ҳаракатланиш имкониятига эга бўлдилар”, — дейилади хабарда.

Хабарда ушбу янгилик мамлакатда ички ва ташқи туризмнинг ривожланишига туртки бўлиши айтилган.
Маълумот учун, Қирғизистон президентининг Ўзбекистонга амалга оширган давлат ташрифи чоғида томонлар иккала давлат чегарасида жойлашган чегара божхона постларидан самарали фойдаланиш масаласини кўриб чиқишган эди.
Шундан сўнг, икки давлат божхона ҳамда чегара хизмати раҳбарлари Фарғона вилоятидаги чегара-божхона постлари фаолиятини биргаликда кўздан кечириб, янги божхона постларини ташкил этиш ва мавжудларидан самарали фойдаланиш, божхона постларида тирбандликларнинг олдини олиш борасида мавжуд имкониятларни таҳлил қилишди.