ТОШКЕНТ, 28 июл — Sputnik. Наманганда "Синeргия" рақамли касблар тeхникуми очилади, дея хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Вилоятда "Синергия" университети делегацияси билан икки томонлама учрашувлар бўлиб ўтди.
“Учрашувда Тўрақўрғон агросаноат техникуми ва "Синергия" университетининг "Минтақавий техникумлар" лойиҳасини ривожлантириш ташкилоти ўртасида қўшма таълим дастурини амалга ошириш доирасида ўқув жараёнини ташкил этиш тартиби тўғрисида шартнома имзоланди”, — дейилади хабарда.
Шартномага асосан, шу йил октябрь-ноябрь ойларида Тўрақўрғон агросаноат коллежи ва Россиянинг "Синергия" рақамли касб-ҳунар техникуми негизида рақамли касблар техникуми ташкил этилади.
Шунингдек, "Синергия" университети томонидан Наманган шаҳридаги IT-School негизида болалар учун қўшимча “Synergy Hub Junior” таълим марказини ҳам ташкил этилади. Унда болаларга ишбилармонлик ўйинлари ва маҳорат дарслари (мастер-класс) орқали рақамли касблар билан танишиш имконияти яратилади. Марказ томонидан биринчи ўқув йилида дастурлаш, робототехника, веб-дизайн ва бошқа IT-йўналишларида таълим дастурларини ишга туширилади.
Техникум ва болалар ўқув марказида машғулотларни наманганлик IT-соҳаси амалиётчилари ва россиялик мутахассислар олиб боришади.