TOШКЕНТ, 26 июл — Sputnik. Иттифоқ тўғрисидаги шартнома Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) ягона меҳнат бозорида меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун тенг шароитлар яратди. Бу ҳақда Евроосиё иқтисодий комиссияси (ЕИК) Иқтисодиёт ва молия сиёсати вазири Бахит Султанов “Российская газета”га маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Иттифоқ доирасидаги меҳнат миграцияси ЕОИИ давлатлари ўртасидаги интеграцион ҳамкорликнинг энг муҳим йўналиши ҳисобланади, чунки у ишчи кучи етишмаслиги муаммосини ҳал қилиш, ишсизлик даражасини пасайтириш ва инфляцияни жиловлаш имконини беради.
Ижтимоий, тиббий ва пенсия таъминотидан ташқари, ЕОИИда бир қатор имтиёзлар қўлланилади.
“Масалан, квоталар бекор қилинади, ишлаш учун рухсатнома олиш шарти йўқ. Аксарият мутахассисликлар бўйича ишга жойлашиш учун таълим дипломларининг ўзаро тан олиниши таъминланади. Жисмоний шахсларнинг даромадларини солиққа тортиш бўйича ягона шартлар ишнинг 1-кунидан бошлаб тақдим этилади. Ягона қидирув тизими” “Чегарасиз иш” фуқароларга ўз яшаш жойидан чиқмасдан, ўзларига муносиб иш қидириш, иш берувчиларга эса Иттифоқнинг бошқа мамлакатларида талаб қилинадиган ишчиларни қидириш имконини беради”, — деди Султанов.
Унинг таъкидлашича, ишчиларнинг ижтимоий ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш Евроосиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари фуқароларига интеграция жараёнларининг афзалликларини ҳақиқатда ҳис қилиш имконини беради:
Иттифоқнинг интеграция маконида ишчиларнинг ижтимоий ва меҳнат ҳуқуқлари таъминланиши туфайли 2016 йилдан бошлаб меҳнат миграцияси ҳажми икки баробарга ошди: 0,8 миллион фуқародан 1,7 миллион фуқарога;
ЕОИИга аъзо барча давлатларда номинал ва реал ўртача ойлик иш ҳақининг ўсиш суръати кузатилмоқда.