"Ҳамкорликни ривожлантиришдаги шахсий ҳиссангиз беқиёсдир" — Путин Мирзиёевни табриклади

Владимир Путин Шавкат Мирзиёевни таваллуд куни билан табриклади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 24 июл — Sputnik. Россия етакчиси Владимир Путин Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таваллуд куни билан самимий қутлади, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов.
Табрикда Мирзиёев президентлик фаолияти билан катта ҳурмат ва юксак халқаро обрў-эътиборга сазовор бўлгани қайд этилган.
“Сизни таваллуд кунингиз билан самимий муборакбод этаман. Президентлик фаолиятингиз билан юртдошларингиз ўртасида катта ҳурмат ва юксак халқаро обрў-эътиборга сазовор бўлдингиз. Сизнинг раҳбарлигингизда Ўзбекистон ижтимоий ва иқтисодий соҳаларда салмоқли ютуқларга эришди, жаҳон майдонида ўз мавқеини мустаҳкамлади”, — дейилади табрик матнида.
Шунингдек, табрикда Россия етакчиси “давлатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини, барча йўналишларда самарали икки томонлама ҳамкорликни ривожлантиришга қўшган шахсий ҳиссангиз беқиёсдир”, дея қайд этди.
“Кутилмаганда фойдали бўлди”: Путин Ўзбекистонга ташриф ҳақида қандай фикрда?
“Яқинда Тошкентда ўтган самарали музокараларимизни илиқ эслайман. Россия ва Ўзбекистоннинг дўст халқлари фаровонлиги йўлида конструктив мулоқотни ва яқин ҳамкорликни давом эттиришдан мамнунман. Сизга чин дилдан мустаҳкам соғлик, бахт-саодат, фаровонлик ва муваффақиятлар тилайман”, — дея хулоса қилган Владимир Путин.
Шерзод Асадовнинг ёзишича, Ўзбекистон президентининг таваллуд куни муносабати билан хорижий давлатлар, ҳукуматлар ва парламентлар, нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарларидан самимий қутловлар келмоқда.
Маълумот учун, бугун Ўзбекистон етакчиси Шавкат Мирзиёев 67 ёшни қаршилади.