Мирзиёев иштирокидаги йиғилиш: Ўзбекистон Олимпия ўйинларига қандай ҳозирлик кўрди?

Ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистондан 90 нафар спортчи қатнашади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 23 июл — Sputnik. Францияда бўлиб ўтадиган XXXIII ёзги Олимпия ўйинларига Ўзбекистондан 19 та спорт тури бўйича жами 90 нафар спортчи қатнашади, дея хабар берди президент матбуот хизмати.
Президент Шавкат Мирзиёевга оммавий спорт ва олимпия ҳаракатини кенгайтиришга оид ишлар юзасидан ахборот берилди.
Маълумки, XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари 26 июль – 11 август кунлари Франция пойтахти Париж шаҳрида бўлиб ўтади. Унда 206 та мамлакатдан 10 мингдан ортиқ спортчи иштирок этади.
Давлат раҳбарига мусобақага тайёргарлик бўйича ҳам ахборот берилди.
Доложено о работе по развитию спорта и олимпийского движения
“Ўзбекистондан 19 та спорт тури бўйича жами 90 нафар спортчи қатнашади. Аҳамиятлиси, анъанавий спорт турларидан ташқари бу йил илк бор футбол, сувга сакраш, камондан отиш, аёллар кураши бўйича ҳам йўлланмалар олинган. Қолаверса, бу йилги олимпиячиларимизнинг 36 фоизини хотин-қизлар ташкил этмоқда”, — дейилади хабарда.
Айтилишича, терма жамоалар ушбу нуфузли мусобақага юқори даражада ҳозирлик кўрди.
“Ҳар бир спортчи бўйича индивидуал стратегия қабул қилиниб, уларнинг саралаш мусобақаларидаги, маҳаллий ва хорижий ўқув-машғулотлардаги иштироки таъминланди. 15 та олимпия ва паралимпия марказида ҳамда вилоятлардаги спорт базаларида тайёргарлик учун зарур шароитлар яратилди. Шунингдек, спортчилар мунтазам чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилиб, тиббий-биологик таъминот ва фармакология йўналишларида тизимли чоралар кўрилди”, — дея қайд этилган хабарда.
Мирзиёев Олимпия ўйинларида спортчиларга муваффақият тилади. Мутасаддиларга иқтидорли ёшларни танлаш ва қўллаб-қувватлаш, миллий терма жамоалар учун сифатли захира шакллантириб бориш бўйича кўрсатмалар берилди.
Ёзги Олимпия ўйинлари: Ўзбекистондан кимлар ҳакамлик қилади?