TOШКЕНТ, 22 июл — Sputnik. Оқ уйнинг амалдаги раҳбари Жо Байден ноябрь ойида бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида қайта сайланиш учун курашмаслигини айтди.
Жо Байден якшанба куни сайловолди пойгасидан чиққанига қарамай, амалдаги муддатини якунлаш ниятида эканини эълон қилди.
“Сизга президент сифатида хизмат қилиш мен учун энг катта шараф бўлди. Гарчи мен қайта сайланиш ниятида бўлсам-да, аминманки, мен ўз лавозимимдан кетиб, қолган муддатим давомида президент лавозимида ишлашга эътибор қаратсам, партиям ва мамлакатим учун яхши бўлади”, — дейилади Байденнинг Х ижтимоий тармоғида эълон қилинган баёнотида.
У халққа мурожаатида ўз қарори ҳақида батафсилроқ гапиришга ваъда берди.
АҚШ Федерал сайлов комиссияси ҳужжат матнидан келиб чиққан ҳолда мамлакат вице-президенти Камала Харриснинг давлат раҳбари лавозимига номзоди илгари сурилгани ҳақида билдиришнома олди.
“Вице-президент Харрис энди 2024 йилги сайловда Қўшма Штатлар президентлигига номзод бўлиб, сайловолди ташвиқоти билан фақат шу лавозимни эгаллаш учун шуғулланади”, — дейилади эълон қилинган аризада.
Байден ўз вице-президенти Камала Харрис номзодини қўллаб-қувватлади.
АҚШ вице-президенти Камала Харрис мамлакатдаги энг юқори лавозимга сайланса, Америка учун фалокат бўлади, деб ишонади АҚШ Республикачилар партияси Миллий қўмитаси. Қайд этилишича, Харрис президентнинг ҳар бир муваффақиятсизлиги учун Байден билан тенг айбдор.
Республикачилар партиясидан номзод Дональд Трамп Харрисни мағлуб этиш унга анча осон бўлишини бир неча бор таъкидлаган.
Маълумот учун, Демократик партиядан президентликка номзод 19-22 август кунлари Чикагода бўлиб ўтадиган қурултойда танланади. Номзод делегатларнинг деярли тўрт минг овозини олган киши бўлади. АҚШда президентлик сайловлари 5 ноябрь куни бўлиб ўтади.