TOШКЕНТ, 19 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Садир Жапаров рафиқалари билан бирга Ўзбекистонда Қирғизистон маданияти кунлари бошланишига бағишланган концертда иштирок этдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
“Икки мамлакат санъат усталарининг ушбу концерти чуқур тарихий илдизлар билан боғланган, дини бир, қадрият ва анъаналари муштарак ўзбек ва қирғиз халқларининг кўп асрлик дўстлиги ифодаси бўлди”, - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчиларининг иродаси ва саъй-ҳаракатлари туфайли қардош халқлар янада яқинлашди, давлатлараро муносабатлар эса кенг қамровли стратегик шериклик даражасига кўтарилди.
Истеъдодли санъаткорлар ижро этган куй-қўшиқларда икки халқ маданиятининг бойлиги, ўзига хослиги ва шу билан бирга муштараклиги ўз ифодасини топди.