TOШКЕНТ, 18 июл — Sputnik. Кеча, 17 июль куни, Тошкент шаҳрида Ўзбекистон-Қирғизистон бизнес-форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда Sputnik Ўзбекистон мухбири хабар берди.
Форумда икки мамлакат вазирликлари, идоралари, тармоқ бирлашмалари, вилоят ҳокимликлари раҳбарлари ва 350 нафардан ортиқ ишбилармон доиралари вакиллари иштирок этди.
Форумда ўзаро товар айирбошлаш ҳажмида ўсиш кузатилгани айтилди. Ўтган йил якунига кўра мазкур кўрсаткич 1 миллиард долларга етган. Товар айирбошлашнинг янада ошишини таъминлаш учун тайёр тўқимачилик, озиқ-овқат, пластмасса, пойабзал, IT-хизматлари, ўғитлар, қурилиш материаллари, маиший техника ва фармацевтика маҳсулотлари, қорамол ва майда чорва моллари, кўмир, озиқ-овқат ва талабга эга бўлган бошқа товарларни ўзаро етказиб беришни кўпайтириш чораларини кўриш муҳимлиги таъкидланди.
Узбекско-Кыргызском бизнес-форум
© Sputnik/Элина Бекназарова
Форум доирасида B2B ва G2B музокаралари бўлиб ўтди.
Форум якунлари бўйича озиқ-овқат маҳсулотлари, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, логистика марказини ташкил этиш, чиқиндиларни қайта ишлаш, геология-қидирув ва кўмир етказиб бериш, IT-хизматлари кўрсатиш, электротехника ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб бериш бўйича 20 та битим, меморандум ва савдо шартномалари имзоланди.