Садир Жапаров Ўзбекистонга келади

Жапаров Шавкат Мирзиёев билан барча соҳалардаги ҳамкорлик ва қирғиз-ўзбек муносабатларини ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 17 июл — Sputnik. Қирғизистон президенти Садир Жапаров 18-19 июль кунлари давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Ташриф дастурига мувофиқ, олий даражадаги музокаралар бўлиб ўтади, уларда Ўзбекистон билан Қирғизистон ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинади.
Ўзаро савдо ҳажмини ошириш, бизнес ва ҳудудлар даражасида кооперация алоқаларини кучайтириш, иқтисодиётнинг устувор тармоқларида қўшма лойиҳаларни илгари суриш, транспорт-транзит соҳасидаги имкониятлардан фойдаланиш, маданий-гуманитар алмашинувни фаоллаштиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб жиҳатлари юзасидан ҳам фикр алмашадилар, кўп томонлама тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қиладилар.
Бир қатор қўшма лойиҳаларни ишга тушириш ва икки томонлама ҳужжатлар тўпламини имзолаш кўзда тутилган.
Айни кунларда Ўзбекистонда бизнес форуми, ректорлар форуми, Қирғизистон маданияти кунлари ва бошқа қўшма тадбирлар ўтказилмоқда.
Ўзбекистон ва Қирғизистон парламентлараро ҳамкорликни ривожлантиришга келишиб олди