TOШКЕНТ, 16 июл — Sputnik. Россия Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Валерий Герасимов “Восток” гуруҳига навбатдаги вазифаларни белгилаб берди, деб хабар қилди Россия Мудофаа вазирлиги.
“Натижаларни сарҳисоб қилар экан, Бош штаб бошлиғи “Восток” гуруҳининг Урожайное аҳоли пунктини озод қилишда эришган муваффақиятларини таъкидлади ва келгусидаги ҳаракатлар бўйича вазифаларни белгилаб берди”, — дейилади хабарда.
Герасимов “Восток” қўшинлари гуруҳи қўмондонлик пунктига ташриф буюрди ва гуруҳ қўмондони генерал-лейтенант Александр Санчикнинг ҳисоботини тинглади.
Бош штаб бошлиғи Урожайноени озод қилишда ўзини кўрсатган ҳарбий хизматчиларга давлат мукофотларини топширди, уларга жангларда кўрсатган жасорати учун миннатдорлик билдирди. Шундан сўнг у қишлоқни эгаллашда қатнашган офицер ва аскарлар билан суҳбатлашди, улар тайёргарлик ва ҳужум қандай амалга оширилганини айтиб беришди.
Герасимовга гуруҳ бўлинмалари томонидан ҳужум ҳаракатларида муваффақиятли қўлланилган роботлаштирилган жанговар тизимлар намуналари ҳам тақдим этилди.