ТОШКЕНТ, 13 июл — Sputnik. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси томонидан 2025–2034 йиллар қум ва чанг бўронларига қарши курашнинг ўн йиллиги деб белгиланди.
Тегишли ҳужжат БМТ Бош Ассамблеяси томонидан ўтган йили эълон қилинган ва кеча илк бор нишонланган 12 июль – Халқаро қум ва чанг бўронларига қарши кураш куни арафасида қабул қилинди. Мазкур ташаббус халқаро ва минтақавий ҳамкорлик орқали қум ва чанг бўронларининг салбий таъсирини юмшатишга қаратилган.
“Бир нечта ташаббуслар орқали қум ва чанг бўронларининг салбий таъсирини бартараф этиш устида ишламоқдамиз. Мамлакатларга мониторинг ва эрта огоҳлантириш тизимларини йўлга қўйишга, асосий сабабларга қарши курашиш учун халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга ёрдам берамиз”, – деди БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси ижрочи котиби Иброҳим Тиав.
БМТнинг таъкидлашича, чанг ва қум бўронлари сўнгги ўн йилликларда атроф-муҳит, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги, аҳоли турмуши ва ижтимоий-иқтисодий фаровонликка жиддий таъсири туфайли жиддий глобал муаммога айланган. Бугунги кунда мазкур ҳодисанинг камида 25 фоизи антропоген омиллар таъсирида юзага келади. Ҳар йили атмосферага 2 миллиард тонна қум ва чанг киради.
“Ушбу ҳодисанинг таъсирини кузатиш қийин, чунки бир минтақада инсон фаолияти бошқа минтақада қум ва чанг бўронларини келтириб чиқариши мумкин. Бироқ қум ва чанг бўронлари инсон фаолияти туфайли юзага келгани каби, бу хавфни инсон ҳаракати билан камайтириш мумкин”, – дейилади ташкилот сайтида.
Маълумот учун, қум ва чанг бўронларини бартараф этиш масаласи 2024 йил 2–13 декабрь кунлари Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳрида бўлиб ўтадиган UNCCD COP16 тадбирида муҳокама қилинади.