TOШКЕНТ, 11 июл — Sputnik. Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги савдо ҳажми 1 миллиард долларга етказилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.
Бухорода Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ва Озарбайжон иқтисодиёт вазири Микаил Жабборов раислигида икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги ўн учинчи мажлиси бўлиб ўтди.
Унда устувор тармоқларда икки томонлама кўп қиррали ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Шунингдек, ўзаро товар айирбошлашнинг ривожланиш суръати кўриб чиқилди.
Ўзбекистон ва Озарбайжон кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтирмоқда
© Министерство инвестиций, промышленности и торговли республики Узбекистан
“2023 йилда товар айирбошлаш ҳажми 26,5 фоизга ўсиб, 231,6 миллион долларни ташкил этди, жорий йил бошидан бу кўрсаткич яна 2,6 фоизга ошди”, — дейилади хабарда.
Шу нуқтаи назардан, икки томонлама савдо ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш бўйича чора-тадбирлар муҳокама қилинди. Улар ичидан юқори талабга эга бўлган товарлар таҳлили асосида импорт ўрнини босиш, мунтазам равишда савдо ва бизнес миссияларини ташкил қилиш, йирик шаҳарларда икки мамлакат миллий маҳсулотлар кўргазмаларини ўтказиш масалалари жой олган.
Саноат кооперацияси кўлами тобора кенгайиб бораётгани қайд этилди.
“Бугунги кунда Ўзбекистонда Озарбайжон капитали иштирокидаги 236 та корхона фаолият кўрсатмоқда, шундан 62 таси қўшма корхона ва 174 таси 100 фоиз хорижий капитал иштирокидаги корхоналардир. Озарбайжонда 70 та ўзбек компанияси фаолият юритади”, — дея қайд этилган хабарда.
Айтилишича, бу йўналишда Ўзбекистон-Озарбайжон қўшма инвестиция жамғармаси фаолиятини кучайтириш муҳим.
Истиқболли ташаббуслар қаторида ипак маҳсулотлари ишлаб чиқариш, тўқимачилик кластерини яратиш, халқаро мактаб қуриш, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш каби лойиҳалар белгилаб олинди. Шу билан бирга машинасозлик, электротехника, қурилиш материаллари, энергетика, нефт-кимё, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.
Икки томонлама ва транзит юк ташиш ҳажмини ошириш мақсадида транспорт йўлакларини диверсификация қилиш, логистика инфратузилмасини яратиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш чора-тадбирлари алоҳида муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ва Озарбайжон кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтирмоқда
© Министерство инвестиций, промышленности и торговли республики Узбекистан
“Бугунги кунда Гулистон ва Фузули, Наманган ва Минғачевир, Термиз ва Биласувар шаҳарлари ўртасида қардош шаҳар алоқалари ўрнатилган. Бу борадаги ишлар давом этмоқда. Томонлар ўзаро ташрифлар жадвалини қабул қилиш, янги лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини ривожлантириш бўйича доимий ишлайдиган ишчи гуруҳ фаолиятини ташкил этишга келишиб олдилар”, — дейилади хабарда.
Йиғилиш доирасида икки делегация раҳбарларининг тор доирадаги учрашуви ҳам бўлиб ўтди, унда томонлар қўшма ташаббусларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирларни атрофлича муҳокама қилдилар ва ҳамкорлик ришталарини янада кенгайтиришга келишиб олдилар.
Комиссия йиғилиши якунлари бўйича эришилган келишувлар, масъул раҳбарлар ва топшириқларни амалга ошириш муддатлари ўз аксини топган якуний баённома қабул қилинди.