Мирзиёев Хитой парламенти раҳбарини қабул қилди — муҳокама этилган масалалар

Си Цзиньпин Шавкат Мирзиёевга салом йўллади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 9 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раиси Чжао Лэцзи бошчилигидаги делегацияни қабул қилди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Хитой парламенти раҳбари Ўзбекистон етакчисига Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпиннинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Қайд этилишича, Ўзбекистон президентининг январь ойида Хитойга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувлар изчил амалга оширилмоқда. Жадал ҳудудлараро алоқаларга юқори баҳо берилди. Келгуси йилда иккинчи Ҳудудлар форуми ўтказилади.
“Ўзбекистонда Хитой олий ўқув юртларининг филиалларини очиш, профессионал таълим соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, Конфуций институти фаолиятини қўллаб-қувватлаш масалалари кўриб чиқилди. Келгуси йилда иккинчи Таълим форумини ўтказиш режалаштирилган”, — дейилади хабарда.
Маданият ва туризм соҳаларидаги алмашинув юзасидан фикр алмашилди.
Парламентлараро ҳамкорликни янада кенгайтириш, парламент аъзолари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш ва амалга оширилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлаш бўйича қонун ижодкорлиги тажрибасини ўрганиш зарурлиги алоҳида таъкидланди.
Айтилишича, икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган тадбирларни амалга ошириш бўйича "йўл харитаси"ни қабул қилиш назарда тутилган.
Шавкат Мирзиёев Си Цзиньпин билан музокаралар ўтказди — нималарга келишиб олинди?