Шанхай ҳамкорлик ташкилоти “ШҲТ плюс” форматини жорий этишда давом этади

Ҳакимов: Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Остона саммитидан кейин ҳам “ШҲТ плюс” форматини амалга оширишда давом этади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 9 июл — Sputnik. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Остона саммитидан кейин “ШҲТ плюс” форматини бундан кейин жорий этиш ниятида. Бу ҳақда Россия президентининг ШҲТ ишлари бўйича махсус вакили Бахтиёр Ҳакимов маълум қилди, деб ёзмоқда РИА Новости.
“Янгилик шундан иборатки, таклиф этилган меҳмонлар иштирокидаги учрашув “ШҲТ плюс” форматида бўлиб ўтди. Бу босқичма-босқич жорий этиладиган янги форматдир”, — деди Ҳакимов Остонада бўлиб ўтган ШҲТ саммити якунларига бағишланган “Россия сегодня” медиа гуруҳида ўтказилган матбуот анжуманида.
Ҳакимовнинг сўзларига кўра, “ШҲТ плюс” формати тадбирга таклиф этилган давлатлар тоифасини, жумладан, мулоқот бўйича ҳамкорлар орқали кенгайтириш имконини беради.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Остонада бўлиб ўтган "ШҲТ плюс" форматидаги учрашувда барча мамлакатлар ваколатли органлари раҳбарлари ва экспертлари иштирокида ҳар йили хавфсизлик масалалари бўйича "ШҲТ плюс" мулоқотини ўтказишни таклиф қилган эди.
ШҲТ 2001 йилда ташкил этилган халқаро ташкилотдир. Унга Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Россия, Тожикистон, Покистон ва Ўзбекистон киради. 2024 йил 4 июлда Остонада бўлиб ўтган саммитда Беларусь ташкилотга расман қўшилди. Кузатувчи давлатлар Афғонистон ва Мўғулистондир. ШҲТ мулоқоти бўйича ҳамкор давлатлар – Озарбайжон, Арманистон, Баҳрайн, Миср, Камбоджа, Қатар, Кувайт, Малдив ороллари, Мьянма, Непал, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони, Туркия, Шри-Ланка.
"ШҲТ плюс" учрашуви: ШҲТ давлатлари раҳбарлари қандай фикрлар билдиришди?