TOШКЕНТ, 9 июл — Sputnik. Наманганда Абу Наср Форобий қаламига мансуб нодир китоб, XI ва XIV асрга оид қилич, Бақтрия ва Хитой тангалари топилди, дея хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, Ахсикент археология парки таркибидаги Янги Ахси мажмуасидаги бебаҳо экспонатлар сони яна ўн ададга ортди.
“Абу Наср Форобий қаламига мансуб учта нодир китоб эса, илм-маърифатга, фалсафа ва тарихга оид”, — дейилади хабарда.
Мутахассислар XI асрга оидлиги айтаётган қилич жангдан чиққан ҳолатда сақланган. У қаттиқ пўлатдан Ахсикент темирчилари томонидан ясалган. Айтилишича, дунё пўлат маркази сифатида тан олинган Ахсикентнинг юмшоқ ва қаттиқ пўлати машҳур. Унинг яратилиши эса ҳозиргача сир.
Наманганда Абу Наср Форобий қаламига мансуб нодир китоб, XI ва XIV асрга оид қилич, Бақтрия ва Хитой тангалари топилди
© Хокимият Наманганской области
Иккинчи аслаҳа эса XIV асрга оид бўлиб, уни Амир Темурнинг хос аскарлари ишлатишган.
Бақтрия тангаси 475-600 йилларга оид. Хитой тангаси эса XIX асрга оид бўлиб, уни тарихчи олим Шерали Қўлдошев батафсил тадқиқ этди.
Наманганда Абу Наср Форобий қаламига мансуб нодир китоб, XI ва XIV асрга оид қилич, Бақтрия ва Хитой тангалари топилди
© Хокимият Наманганской области
“Танганинг ўнг томонидаги 2 иероглиф: Каши / Каши 喀什 - Қашқар. Чап томонидаги 2 иероглиф : сан / сан 参 - ва жир / жин 金 – олтин, деб ёзилган. Танганинг тепа қисмидаги 1 иероглиф: гуанг / гуанг 光- ёруғлик маъносини беради. Паст қисмидаги 1 иероглиф: юан / юан 圓 юмалоқ, яъни доира деган маънони беради. Танганинг ўртасидаги тешилган жойидаги иероглифни ўқиш қийин. Бироқ у шюй 緒 иероглифини билдиряпти. Чунки Гаунгшюй / Guangxu 光緒 номига ўхшаяпти. У 1875 -1908 йилларда Хитойни бошқарган”, — дейди Шерали Қўлдошев.
Маълумот учун, Абу Наср Форобий Сирдарё қирғоғидаги Фороб — Ўтрор деган жойда туғилган. У 160 тадан ортиқ асар яратган. Унинг асарлари XII—XIII асрларда лотин, қадимий яҳудий, форс тилларига таржима қилинган. Форобий 949—950 йилларда Мисрда, сўнг Дамашқда яшаб, ўша ерда вафот этган.