Ўзбекистонда хорижий сиёсий партиялар фаолияти тақиқланди

"Сиёсий партиялар тўғрисида"ги қонунга қўшимча киритилди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 5 июл — Sputnik. Ўзбекистонда хорижий давлатларнинг сиёсий партиялари, уларнинг бўлинмаларини ташкил этиш тақиқланди. “Сиёсий партиялар тўғрисидаги” қонунга тегишли қўшимча киритилди. Қўшимча ва ўзгартириш киритишни назарда тутувчи қонунни президент 2 июль куни имзолаган.

“Қонуннинг 6-моддаси қуйидаги мазмундаги еттинчи қисм билан тўлдирилсин: Ўзбекистон Республикаси ҳудудида хорижий давлатларнинг сиёсий партияларини, уларнинг бўлинмаларини ташкил этишга ва уларнинг фаолияти амалга оширилишига йўл қўйилмайди”, - дейилган ҳужжатда.

Таъкидланишича, мамлакатда сиёсий партиялар фаолиятини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, сиёсий партиялар фаолиятини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашни кучайтириш ва мамлакатда хорижий давлатларнинг сиёсий партиялар фаолияти амалга оширилишини тартибга солиш талаб этилади.
Эслатамиз, Ўзбекистонда бешта сиёсий партия рўйхатга олинган: Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Либерал-демократик партияси, "Миллий тикланиш" демократик партияси, "Адолат" социал-демократик партияси, Халқ демократик партияси ва Экологик партия.
Навбатдаги парламент сайловлари кузда бўлиб ўтади. Охиргиси 2019 йилда бўлиб ўтган эди.