ШҲТ саммитида Путиннинг Евроосиё хавфсизлиги бўйича ғояси муҳокама қилинади

Песков: ШҲТ саммитида янги Евроосиё хавфсизлик тизимини яратиш масаласи муҳокама қилинади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 4 июл — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин томонидан Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти билан учрашувда эълон қилинган янги Евросиё хавфсизлик тизимини яратиш ғояси, ШҲТ саммитида албатта тилга олинади, бу борада ҳамкорлар билан мулоқот олиб борилмоқда. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Дмитрий Песков РИА Новостига маълум қилди.

"Бу албатта айтиб ўтилади", — деди Песков ШҲТ саммитида янги Евроосиё хавфсизлик тизими ғояси муҳокама қилинадими, деган саволга жавоб бераётиб.

Шунингдек, у бу мавзуда ҳамкорлар билан мулоқот олиб борилаётганини айтди. "Босқичма-босқич", — деди Песков қандай ривожланаётгани ҳақидаги саволга жавобан.
Аввалроқ Владимир Путин Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти билан учрашувда сўзга чиқиб, Евроосиёда коллектив хавфсизлик кафолатларини муҳокама қилиш ва минтақадан ташқари ҳарбий кучлар мавжудлигини чеклаш вақти келганини айтган эди. Россия БМТда бўлинмас хавфсизлик тизимини яратиш бўйича мулоқотни жиддий ривожлантиришдан манфаатдор, дея қўшимча қилди президент.
Маълумот учун, 3-4 июль кунлари Остонада ШҲТ саммити бўлиб ўтмоқда. Тадбирда Россия, Озарбайжон, Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қатар, Қирғизистон, Хитой, Мўғулистон, БАА, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этмоқда. Саммитда ШҲТ бош котиби Чжан Мин ва БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам иштирок этади.