ШҲТ ҳамжиҳатлиги заифлашишига йўл қўймаслик муҳим: Мирзиёевнинг саммитдаги асосий фикрлари

Ўзбекистон етакчисининг сўзларига кўра, ушбу саммит халқаро вазият кескинлашаётган бир шароитда ўтмоқда.
Sputnik
TOШКЕНТ, 4 июл — Sputnik. Ҳозирги кунда ШҲТ ҳамжиҳатлиги заифлашишига йўл қўймаслик муҳимдир. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Остонадаги Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида маълум қилди.
Ўзбекистон етакчисининг сўзларига кўра, ушбу саммит халқаро вазият кескинлашаётган бир шароитда ўтмоқда.
“Бундай мураккаб вазиятда ШҲТнинг асоси бўлган тамойилларга содиқлигимизни сақлаш ва янада мустаҳкамлаш фавқулодда муҳимдир. Ана шу тамойиллар туфайли Ташкилот бугунги ютуқларга эришди, халқаро масалаларда юксак нуфуз ва барқарорлаштирувчи ўринга эга бўлди”, — деди Мирзиёев.
Унинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда ШҲТ ҳамжиҳатлиги заифлашишига йўл қўймаслик муҳимдир.
“Биз “ШҲТ оиласи” жипслигини кучайтиришимиз, биргаликда ривожланиш тамойилини ҳаётга изчил татбиқ этиб, очилаётган янги имкониятлардан максимал даражада фойдаланишимиз зарур. Бунинг учун бизда барча шарт-шароитлар мавжуд. Жаҳон аҳолисининг 40 фоиздан ортиғи, глобал ялпи ички маҳсулотнинг чорак қисмидан кўпроғи мамлакатларимиз ҳиссасига тўғри келади. Ҳеч шубҳасиз, ушбу беқиёс салоҳиятни рўёбга чиқариш биздан иқтисодий шерикликнинг янги моделларини шакллантиришни ва ШҲТ доирасида барқарор ривожланишнинг узоқ муддатли кун тартибини ишлаб чиқишни талаб этади”, — дея қайд этди мамлакат етакчиси.
Шавкат Мирзиёев принял участие в очередном заседании Совета глав государств-членов ШОС, состоявшемся в городе Астане.
Ўзбекистон етакчиси ШҲТ олдида турган энг долзарб вазифалар ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди:
Биринчи. Ҳозирги пайтда умумий хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ҳамжиҳатлик бўйича биз илгари сурган Самарқанд ташаббусининг аҳамияти ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир. ШҲТнинг Яхши қўшничилик, ишонч ва трансчегаравий шериклик кодекси қабул қилиниши ҳозирги янги шароитда мулоқотни мустаҳкамлаш ва кўп томонлама ҳамкорликни янада чуқурлаштириш имконини беради, деб ҳисоблаймиз.
Иккинчи. ШҲТ доирасида савдо жараёнларини соддалаштириш бўйича битимни ишлаб чиқиш вақти келди, деб ҳисоблаймиз. Ҳужжатга савдодаги тўсиқларни бартараф этиш, техник регламентлар ва сертификатлаш, фитосанитария ва ветеринария назорати тизимларини яқинлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни киритиш мумкин. Бундан ташқари, трансчегаравий электрон тижоратни ривожлантириш бўйича жаҳондаги тенденцияларни ҳисобга олган ҳолда, ушбу соҳада амалдаги рақамли савдо платформалари интеграциясини кўзда тутувчи ҳамкорлик дастурини тайёрлашни таклиф этамиз.
Учинчи. Инфратузилма, саноатнинг юқори технологияли тармоқлари ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ўзаро инвестицияларни рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқишни таклиф этамиз. Бунда ушбу лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини пухта ўйлаб кўриш, ШҲТ Жамғармаси ва Тараққиёт банкини ташкил этиш масаласини кўриб чиқишга қайтиш муҳим.
Тўртинчи. “Шарқ–Ғарб” ва “Шимол–Жануб” йўналишлари бўйича инклюзив транспорт тизимларини шакллантириш мамлакатларимиз иқтисодий салоҳиятини самарали ривожлантириш имконини беради. Транспорт йўлаклари кўп вариантли бўлиши – бу бутун минтақамиз барқарор ривожланишининг энг муҳим шартидир. Шунингдек, Логистика жараёнларини рақамлаштириш режасини ишлаб чиқиш, шу жумладан, мамлакатларимиз чегаралари орқали ўтадиган маҳсулотлар ҳақидаги маълумотларнинг электрон алмашувини ташкил этишни таклиф қиламиз.
Бешинчи. Қайта тикланадиган энергетикага инвестиция ва технологияларни жалб этишни рағбатлантириш бўйича ҳамкорликнинг комплекс режасини ишлаб чиқишни таклиф этамиз.
Олтинчи. IT паркларнинг тизимли ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида “ШҲТ келажак технологиялари” дастурини ишлаб чиқиш тарафдоримиз.
Еттинчи. Ижтимоий ривожланиш ва ҳимоя соҳасида ШҲТ мамлакатлари ҳамкорлиги бўйича “йўл харитаси”ни қабул қилиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф этамиз.
Саккизинчи. Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ва уларни етказиб бериш имкониятлари номма-ном акс эттирилган мамлакатларимизнинг агросаноат соҳасидаги салоҳияти ҳақидаги маълумотларни бирлаштирадиган “ШҲТ озиқ-овқат хавфсизлиги атласи” қўшма электрон платформасини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

“Марказий Осиёнинг ажралмас қисми бўлган ва минтақавий барқарорликка бевосита таъсир кўрсатадиган қўшни Афғонистондаги вазият ҳақида тўхталиб ўтмоқчиман. Афғонистоннинг ҳозирги маъмурияти билан муносабатларни ўрнатиш борасидаги ёндашувлар турли экани маълум. Аминманки, Кобул билан мулоқотларни сақлаш бутун минтақанинг хавфсизлик ва иқтисодий тараққиёт борасидаги манфаатларига мос келади. Тобора кўпроқ давлатлар буни тушуниб етмоқда. Шу муносабат билан, “ШҲТ–Афғонистон” мулоқот гуруҳининг фаолиятини қайта тиклаш ҳақидаги таклиф ҳамон долзарб бўлиб қолмоқда”, — дея қўшимча қилди президент.

Шавкат Мирзиёев ўз сўзида “биз ШҲТни янада ривожлантириш жараёнлари тарафдоримиз ва Ташкилотимизнинг фаолиятини такомиллаштириш ҳақидаги таклифни қабул қилишга тайёрмиз”, дея хулоса қилди.
Маълумот учун, 3-4 июль кунлари Остонада ШҲТ саммити бўлиб ўтмоқда. Тадбирда Россия, Озарбайжон, Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қатар, Қирғизистон, Хитой, Мўғулистон, БАА, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этмоқда. Саммитда ШҲТ бош котиби Чжан Мин ва БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам иштирок этмоқда.
Хавфсизлик, терроризм ва энергетика: ШҲТ саммитида қандай ҳужжатлар имзоланди?