ШҲТга янги бош котиб тайинланди

Қозоғистоннинг собиқ мудофаа вазири ШҲТ бош котиби бўлди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 июл — Sputnik. Шанхай ҳамкорлик ташкилотига (ШҲТ) раислик Қозоғистондан Хитойга ўтди. Қозоғистоннинг собиқ мудофаа вазири Нурлан Ермекбаев ШҲТ бош котиби этиб тайинланди. Бу ҳақдаги қарор ШҲТнинг Остонадаги саммитида қабул қилинди.
Нурлан Ермекбаев 2022 йил 1 январдан бери ШҲТ бош котиби лавозимида ишлаб келаётган Хитой вакили Чжан Мин ўрнини эгаллайди. У 2025 йилнинг 1 январидан бошлаб 2027 йилгача ташкилотни ротация асосида бошқаради.
Бунгача Ермекбаев ШҲТ бош котиби ўринбосари лавозимида ўз фаолиятини олиб борган.
Эслатиб ўтамиз, бугун ШҲТ аъзо давлат раҳбарлари Остонадаги Давлат раҳбарлари кенгаши йиғилиши якунлари бўйича 20 тадан ортиқ ҳужжат имзоланди.
Маълумот учун, 3-4 июль кунлари Остонада ШҲТ саммити бўлиб ўтмоқда. Тадбирда Россия, Озарбайжон, Беларусь, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қатар, Қирғизистон, Хитой, Мўғулистон, БАА, Покистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирок этмоқда. Саммитда ШҲТ бош котиби Чжан Мин ва БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам иштирок этмоқда. Тадбир “Кўп томонлама мулоқотни мустаҳкамлаш – барқарор тинчлик ва тараққиётга интилиш” шиори остида ўтказилмоқда.