TOШКЕНТ, 4 июл — Sputnik. Остона шаҳрига амалий ташриф доирасида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпиннинг музокаралари бўлиб ўтди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Қайд этилишича, йил якунига қадар Ташқи ишлар вазирлари стратегик мулоқотининг иккинчи йиғилишини Тошкент шаҳрида ўтказиш режалаштирилган. Яқин кунларда Хитой парламентининг юқори даражадаги делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи кутилмоқда.
Ўтган йили товар айирбошлаш ҳажми 14 миллиард долларга етди. Яқин истиқболда бу кўрсаткични 20 миллиард долларга етказиш имкониятлари қайд этилди.
Инвестиция лойиҳаларининг жорий портфели 50 миллиард доллардан ошган. Шу йил бошидан буён республикада 3 миллиард доллардан зиёд Хитой сармояси ўзлаштирилиб, 500 дан ортиқ янги қўшма корхона ташкил этилди.
Шавкат Мирзиёев ва Си Цзиньпиннинг музокаралари бўлиб ўтди
© Пресс-служба президента Узбекистана
“Инфратузилма, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги ва "яшил" энергетика соҳаларида стратегик ҳамкорлик дастурларини қабул қилишни жадаллаштиришга келишиб олинди”, — дейилади хабарда.
Хитойнинг етакчи молиявий тузилмалари билан ҳамкорлик кенгаймоқда. Хусусан, "Ипак йўли" жамғармаси билан инвестиция платформаси яратилди, Хитой Эксимбанки кўмагида пойтахтда Олимпия шаҳарчаси қурилиши якунланмоқда. Ушбу банкнинг Тошкент шаҳрида ҳудудий филиали очилиши кутилмоқда.
Ҳудудлараро алмашинувлар фаоллашгани юқори баҳоланди. Йил бошидан буён мамлакатнинг барча ҳудудлари раҳбарлари бир неча бор Хитойга ташриф буюрди, Шинжон-Уйғур автоном райони, Анхой, Цзянси, Цзянсу, Чжэцзян, Шандун, Шэнси ва Шанхай музофотлари делегациялари Ўзбекистонда бўлди. Пекин, Урумчи ва бошқа бир қатор шаҳарларда савдо уйлари очилди.
Келгуси йилда иккинчи Ҳудудлар форуми ўтказилиши белгилаб олинди.
Президент ХХР Раисини камбағалликка қарши курашиш соҳасида амалий ҳамкорликни қўллаб-қувватлаётганини алоҳида таъкидлади. Бу муҳим йўналишда тажриба алмашиш бўйича узоқ муддатли дастур қабул қилиш таклифи билдирилди.
"Бир макон, бир йўл" ташаббуси доирасида транспорт боғлиқлигини мустаҳкамлаш ва минтақани ривожлантиришда стратегик аҳамиятга эга бўлган Хитой - Қирғизистон - Ўзбекистон темир йўлини қуриш бўйича амалий ишларни тез фурсатда бошлаш муҳимлиги таъкидланди.
"Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Ўзбекистон томонининг "ягона Хитой" сиёсатини қўллаб-қувватлаш ва "уч ёвуз куч"га қарши курашиш борасидаги позицияси ўзгармас экани тасдиқланди", — дейилади хабарда.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, "Марказий Осиё - Хитой" формати ва бошқа халқаро ва минтақавий тузилмалар доирасидаги яқин ҳамкорлик давом эттирилади.
Туризм, илм-фан, таълим, кадрлар тайёрлаш ва хитой тилини ўрганиш соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
“Яқинда Тошкентда Марказий Осиёдаги Конфуций институтлари форуми бўлиб ўтади. Мамлакатимизда ХХР олий ўқув юртлари филиалларини очиш, Хитойнинг профессионал таълим тизими - "Лу Бан устахонаси"ни кенг жорий этиш режалари белгиланди. Иккинчи Таълим форумини келгуси йилда ўтказиш таклифи билдирилди”, — дея қайд этилган хабарда.
Музокаралар якунида Ўзбекистон президенти ХХР раисини республикага ташриф билан келишга таклиф этди.
Шавкат Мирзиёев провел встречу с Премьер-министром Исламской Республики Пакистан Шахбазом Шарифом.
© Пресс-служба президента Узбекистана
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Покистон Ислом Республикаси бош вазири Шаҳбоз Шариф билан учрашув ўтказди. Унда Ўзбекистон билан Покистон ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, инвестиция ва транспорт-коммуникация соҳаларида янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Қишлоқ хўжалиги, тўқимачилик, фармацевтика, кимё ва бошқа тармоқларда лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутувчи 2025-2026 йилларга мўлжалланган Саноат кооперацияси дастурини қабул қилиш муҳим экани қайд этилди.
Жорий йилда Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши, бизнес форуми ва саноат кўргазмасини ўтказишга келишиб олинди. Трансафғон темир йўлини қуриш лойиҳасини амалга оширишда биргаликдаги саъй-ҳаракатлар зарурлиги таъкидланди.