ТОШКЕНТ, 4 июл — Sputnik. Остонада Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди.
Тадбирларда ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва ташкилот фаолиятини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари, шунингдек, халқаро ва минтақавий ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинди.
ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва фаолиятини такомиллаштириш ҳолати ва истиқболлари ҳақида ҳам сўз борди. Халқаро ва минтақавий долзарб муаммолар юзасидан фикр алмашилди. Аниқлик киритилишича, учрашув якунлари бўйича Остона декларацияси ва бошқа қўшма ҳужжатлар имзоланди. Хусусан, 20 та қарор, давлат раҳбарларининг 3 та баёноти, жумладан, “Адолатли тинчлик, тотувлик ва тараққиёт йўлида жаҳон бирлиги тўғрисида”ги ва “ШҲТни такомиллаштириш тўғрисида”ги ташаббуси қабул қилинди.
Йиғилишда Беларусь Республикасини ШҲТ аъзолигига қабул қилиш ва унга ШҲТга аъзо давлат мақомини бериш тартибини якунлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинди.
Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, саммитни 900 нафар журналист ёритади: улардан 700 нафари хорижлик, 200 нафари қозоғистонлик.
ШҲТга 2001 йилда олтита давлат – Қозоғистон, Хитой, Россия, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон томонидан асос солинган. Кейинчалик иттифоққа Эрон, Ҳиндистон ва Покистон қўшилди. Кузатувчи давлатлар: Афғонистон, Беларусь ва Мўғулистон. Ҳамкор давлатлар: Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, БАА, Туркия ва Шри-Ланка.