TOШКЕНТ, 3 июл — Sputnik. Ўзбекистон-Афғонистон бизнес-форумида кимё саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳасида қатор савдо шартномалари ҳамда логистика марказини ташкил этиш бўйича келишувлар имзоланди. Бу ҳақда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.
Ўзбекистон-Афғонистон бизнес-форумида тегишли вазирлик ва идоралар, тармоқ бирлашмалари раҳбарлари ҳамда икки мамлакат ишбилармон доираларининг 1000 нафардан ортиқ вакиллари иштирок этди.
Қайд этилишича, икки томонлама муносабатлар ривожининг ҳозирги босқичида тадбиркорлар ўртасидаги ўзаро алоқаларни янада фаоллаштириш, икки мамлакат ишбилармон доиралари иштирокидаги қўшма тадбирлар ва ташрифлар сонини кўпайтириш чора-тадбирлари долзарб. Шу ўринда, янги шартнома ва битимлар тузиш, ўзаро бизнес-форум, кўргазма ва Б2Б форматида учрашувлар ташкил этиш муҳим аҳамият касб этмоқда.
“Афғонистон саноат ва савдо вазири Нуриддин Азизий Афғонистон делегациясининг ташрифи дастурига киритилган тадбирлар юқори савияда ташкил этилгани учун Ўзбекистон томонига миннатдорлик билдирди ва Ўзбекистоннинг икки томонлама савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни ривожлантириш учун қулай шароит яратиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади”, — дейилади хабарда.
Шу билан бирга, у афғон ва ўзбек тадбиркорларни янада фаол ҳамкорликка чақириб, иккала томон ҳам янги лойиҳа ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашга ўзаро тайёр эканига ишонтирди.
Узбекистан и Афганистан активизируют потенциал двустороннего взаимодействия
© Министерство инвестиций, промышленности и торговли республики Узбекистан
“Форум якунлари бўйича кимё саноати ва қишлоқ хўжалиги соҳасида қатор савдо шартномалари ҳамда логистика марказини ташкил этиш бўйича келишувлар имзоланди”, — дейилади вазирлик хабарида.
“Made in Afghanistan” саноат маҳсулотлари кўргазмаси
Тошкентда Афғонистон маҳсулотлари кўргазмаси бўлиб ўтмоқда. Унда Афғонистоннинг заргарлик, тўқимачилик, озиқ-овқат, электротехника, тоғ-кон саноати, транспорт ва логистика соҳаларида фаолият юритаётган 75 та йирик компанияси маҳсулотлари намойиш этилмоқда.
Кўргазма доирасида “B2B” ва “G2B” музокаралари ташкил этилди, унда тадбиркорлар янги фойдали алоқалар ўрнатдилар ҳамда қўшма лойиҳалар ва савдо шартномаларининг техник жиҳатларини муҳокама қилишди.
Маълумот учун, Афғонистон Ўзбекистон учун бешинчи йирик экспорт бозори ҳисобланади. Охирги беш йилда икки давлат ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми қарийб бир ярим баробар ошиб, 2023 йилда 866 миллион долларга етди.
Бугунги кунда Ўзбекистонда афғон сармояси иштирокидаги 550 та корхона фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 443 таси 100 фоиз афғон капитали иштирокида. Озиқ-овқат саноати, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, туризм, тўқимачилик каби соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.