TOШКЕНТ, 3 июл — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси ва "ШҲТ плюс" форматидаги учрашувда иштирок этиш учун Остона шаҳрига жўнаб кетди, дея хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.
Тадбирларда ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш ва ташкилот фаолиятини такомиллаштиришнинг долзарб масалалари, шунингдек, халқаро ва минтақавий ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари муҳокама қилинади.
"Ўзбекистон етакчиси хорижий делегациялар раҳбарлари билан қатор икки томонлама учрашувлар ҳам ўтказади", — дейилади матбуот хизмати хбарида.
Саммитда ташкилотга аъзо давлатлар, шунингдек, ШҲТдаги ҳамкор ва кузатувчи давлатлар раҳбарлари иштирок этади. Бу галги саммит бошқаларидан ташкилотга янги иштирокчи – Беларусь Республикаси келиши билан ажралиб туради. Александр Лукашенко ташкилотга аъзо бўлиш истагини икки йил аввал маълум қилган ва Остонадаги саммит Беларусь учун янги мақомдаги биринчи саммит бўлади.
Қозоғистон етакчисининг сўзларига кўра, Остонадаги саммитда ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб олинади, мавжуд чақириқ ва таҳдидларга адекват ва ўз вақтида жавоб бериш ташаббуслари ишлаб чиқилади.
Демак, 3-4 июль кунлари ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва фаолиятини такомиллаштириш ҳолати ва истиқболларини муҳокама қилишади. Халқаро ва минтақавий долзарб муаммолар юзасидан фикр алмашилади. Аниқлик киритилишича, учрашув якунлари бўйича Остона декларацияси ва бошқа қўшма ҳужжатлар имзоланади.
ШҲТга 2001 йилда олтита давлат – Қозоғистон, Хитой, Россия, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон томонидан асос солинган. Кейинчалик иттифоққа Эрон, Ҳиндистон ва Покистон қўшилди. Кузатувчи давлатлар: Афғонистон, Беларусь ва Мўғулистон. Ҳамкор давлатлар: Озарбайжон, Арманистон, Камбоджа, Непал, БАА, Туркия ва Шри-Ланка.