TOШКЕНТ, 2 июл — Sputnik. Ўзбекистон самовий жисмларни тадқиқ қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича халқаро ҳужжатга қўшилмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси матбуот хизмати маълум қилди.
Қуйи палатанинг навбатдаги мажлисида депутатлар “Космик фазо, шу жумладан, Ойни ва бошқа самовий жисмларни тадқиқ қилиш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича давлатларнинг фаолияти принциплари тўғрисидаги шартномага (Лондон, Москва ва Вашингтон, 1967 йил 27 январь) Ўзбекистон Республикасининг қўшилиши ҳақида”ги қонуни лойиҳасини муҳокама қилишди.
Мазкур шартнома 2024 йил 1 январь ҳолатига, 114 та давлат томонидан ратификация қилинган. Ҳужжат космик фазонинг ҳуқуқий мақоми асосларини белгилайди ҳамда космосдан тинч мақсадларда фойдаланишни таъминлаш учун халқаро қоидалар ва тамойилларни ўрнатади.
“Мажлисда ушбу шартномани ратификация қилиш Ўзбекистон учун халқаро космик лойиҳалар ва тадқиқотларда иштирок этиш, шунингдек, бошқа давлатлар билан ресурслар ва билим алмашиш учун имкониятлар очиши қайд этилди”, — дейилади матбуот хабарида.
Шунингдек, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига асосланган ҳолда Ўзбекистон космик соҳа ҳуқуқий тизимини ривожлантиришга хизмат қилади.
Бундан ташқари, мазкур шартномани ратификация қилиш мамлакатларга ўз ресурсларини бирлаштириш ва космик лойиҳаларда биргаликда ишлаш имконини тақдим этади.
Космосни ҳарбийлаштириш хавфи камаяди. Мазкур шартнома космик фазода оммавий қирғин қуролларини жойлаштиришни ва космик фазодан ҳарбий мақсадларда фойдаланишни тақиқлайди. Шартномани ратификация қилиш космик ҳарбийлаштириш хавфини камайтиришга ва космик фазодан тинч мақсадларда фойдаланишга ёрдам беради.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди ва Сенатга юборилди.