TOШКЕНТ, 1 июл — Sputnik. Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ)нинг Остона саммити иштирокчилари жаҳон ҳамжамиятини ҳалол ва очиқ глобал мулоқотни бошлашга ва янги хавфсизлик парадигмасини қабул қилишга чақиришади. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев “Синьхуа” агентлигига берган интервюсида маълум қилди, деб ёзмоқда РИА Новости.
“Раисликнинг (Қозоғистоннинг ШҲТга – таҳр.) кулминацион нуқтаси Остонадаги саммит бўлади, биз унга катта эътибор қаратяпмиз. Биз ШҲТ фаолиятини янада такомиллаштириш соҳасида стратегик муҳим қарорлар қабул қилинишини кутмоқдамиз. Ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган ўзаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб олинади, мавжуд чақириқ ва таҳдидларга адекват ва ўз вақтида жавоб бериш ташаббуслари ишлаб чиқилади”, — деди Қозоғистон етакчиси.
Президент саммитнинг якуний қарорларида “Шанхай руҳи”нинг асосий тамойиллари тўлиқ ўзида мужассамлашини таъкидлади: дўстлик, ўзаро ишонч, ўзаро манфаат ва бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш.
“Остона саммити иштирокчилари халқаро ҳамжамиятни ҳалол ва очиқ глобал мулоқотни бошлаш, янги хавфсизлик парадигмасини қабул қилиш, адолатли иқтисодий муҳит яратиш ва сайёрамиз мусаффолигини ҳимоя қилиш учун зарур саъй-ҳаракатларни амалга оширишга чақиради”, — дея қўшимча қилди Тоқаев.