TOШКЕНТ, 1 июл — Sputnik. Малайзия Тошкентда автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчалари (АЁҚШ) тармоғини яратмоқчи. Бу ҳақда "Дунё" АА маълум қилди.
Ўзбекистон элчиси Каромиддин Гадоев Малайзиянинг "FIVE Petroleum Malaysia" компанияси асосчиси ва бош директори Кинг Лим Чин Фуи билан учрашди. Унда Малайзия компанияси раҳбари билан Ўзбекистонга инвестиция киритиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Кинг Лим шу йил май ойида Самарқандда бўлиб ўтган бизнес-форумда вилоят ҳокимлиги билан алюминий банкалар ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича эришилган келишувни амалга оширишдан манфаатдор эканини маълум қилди. Қайд этилишича, алюминий банкаларини етказиб беришда мамлакатдаги салқин ичимликлар ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорлик ўрнатилади.
“Малайзия томони билан Тошкент шаҳри ва кейинчалик республиканинг бошқа ҳудудларида ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғини яратиш ва уларни замонавий ускуналар билан жиҳозлаш бўйича лойиҳани ҳам амалга ошириш ишларини бошлашга келишиб олинди”, — дейилади хабарда.
Учрашувда компания вакилларидан иборат делегациянинг Ўзбекистонга ишчи сафарини ташкил этиш тўғрисида келишилди.
Маълумот учун, мазкур компания Малайзия бўйлаб 110 дан ортиқ автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларини бошқаради.