Арипов қирғизистонлик ҳамкасби билан учрашди — нималар муҳокама этилди?

Учрашувда ГЭС қурилиши, Талас-Чотқол-Тошкент автомобиль йўли ва кўмир етказиб беришга қаратилган лойиҳалар кўриб чиқилди.
Sputnik
TOШКЕНТ, 25 июн — Sputnik. Урумчи шаҳрида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда томонлар икки мамлакат давлат раҳбарлари томонидан белгилаб берилган икки томонлама ҳамкорлик кун тартибига киритилган учта истиқболли инфратузилма лойиҳасини атрофлича муҳокама қилишди.
Урумчида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси Ақилбек Жапаров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

"Йиғилишда Қамбарота-1 ГЭС ва Чотқол дарёсида ГЭС қуриш бўйича музокаралар олиб борилди. Икки давлат ҳукумат раҳбарлари Талас-Чотқол-Тошкент автомобиль йўли қурилиши лойиҳасини ҳам муҳокама қилди", — дейилади хабарда.

Таъкидланганидек, айни пайтда мазкур лойиҳа бўйича “Йўл харитаси ва лойиҳани амалга ошириш ўзаро савдо ҳажми ва икки давлатнинг сайёҳлик салоҳиятини кўтариш имконини беради”.
Бундан ташқари, икки давлат ҳукумат раҳбарлари Қирғизистондан Ўзбекистонга кўмир етказиб беришга қаратилган конвейр ва кўмир логистика марказини қуриш бўйича қўшма ишларни фаоллаштиришни муҳокама қилишди.
Томонлар юқоридаги инфратузилма лойиҳаларини илгари суриш бўйича амалий чоралар кўриш икки давлат ўртасидаги қардошлик стратегик муносабатларини мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлашди.
Маълумот учун, Абдулла Арипов Урумчида ЭКСПО “Хитой-Евроосиё” саккизинчи халқаро кўргазмасида иштирок этади. Кўргазма 26-30 июнь кунлари бўлиб ўтади. Бугун бош вазир ташрифни Шинжон-Уйғур автоном райони Партқўми котиби Ма Синжуй билан учрашувдан бошлади.