TOШКЕНТ, 24 июн — Sputnik. Урганч халқаро аэропорти вақтинча фаолиятини тўхтатади, дея хабар берди "Uzbekistan Airports".
“2024 йил 20 июль Тошкент вақти билан соат 00:01 дан 2024 йил 7 август 23:59 гача Урганч халқаро аэропорти учиш-қўниш йўлагини капитал таъмирлаш ишлари бошланиши муносабати билан фаолиятини тўхтатади”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, учиш-қўниш йўлагининг узоқ муддатдан бери ишлаши ҳамда ҳаво кемаларининг қўниши ва учиши хавфсизлигини таъминлаш мақсадида капитал қурилиш ва таъмирлаш ишлари олиб борилади.
Хусусан, узунлиги 3000 м ва эни 16 м бўлган учиш-қўниш йўлаги юзасини бутунлай алмаштириш ва мустаҳкамлаш режалаштирилган. Шунингдек, иккинчи ва учинчи юриш йўлаклари капитал таъмирланади.
“Урганч аэропортининг учиш-қўниш йўлаги капитал таъмирдан сўнг Boeing 787 ва Airbus A330 каби кенг фюзеляжли самолётларни чекловларсиз қабул қила олади”, — дея қўшимча қилинган хабарда.
Реконструкция даврида барча режалаштирилган рейслар Нукус халқаро аэропортига йўналтирилади. Йўловчилар Нукус ва Урганч аэропортлари ўртасида трансферлар билан таъминланади.
Учиш-қўниш йўлагини капитал реконструкция қилиш охирги марта 1997 йилда, шикастланган қисмларини қисман таъмирлаш эса 2018 йилда амалга оширилган.