TOШКЕНТ, 24 июн — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Дарбанд ва Махачқала шаҳарларида (Доғистон) содир этилган террорчилик ҳаракатлари муносабати билан Россия президенти Владимир Путинга чуқур ҳамдардлик билдирди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Дарбанд ва Махачқала шаҳарларида содир этилган террорчилик ҳаракатлари оқибатида кўплаб ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари ходимлари ва фуқаролар қурбон бўлгани муносабати билан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путинга мактуб йўллаб, чуқур ҳамдардлик билдирди”, — деб ёзади Шерзод Асадов.
Ўзбекистон етакчиси Доғистондаги террорчилик ҳужумларини қатъий қоралади. Ушбу таҳдидларга қарши курашда тегишли тузилмаларнинг фаол ҳамкорлигини давом эттиришга тайёрлигини билдирди.
Маълумот учун, кеча тунда Дарбандда номаълум шахслар Махачқаладаги синагог ва черковга ўқ узди, патруль пости ўққа тутилди. Терактларда 15 нафар полициячи ва бир қанча тинч аҳоли қурбон бўлди. Россия махсус кучлари 6 нафар террорчини йўқ қилган. Террорчилик бўйича жиноий ишлар очилган. Доғистонда уч кунлик мотам эълон қилинди.