TOШКЕНТ, 19 июн — Sputnik. Ўзбекистон делегацияси C5+1 конференцияси доирасида хитойлик ҳамкасблари билан аэронавигация соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича икки томонлама музокаралар ўтказди, дея хабар берди Транспорт вазирлиги.
Сиан шаҳрида Ўзбекистон делегациясининг Марказий Осиё ва Хитой фуқаро авиацияси ишчи гуруҳларининг (C5+1) ўзаро ҳамкорлиги бўйича конференцияга ташрифи доирасида "Ўзаэронавигация" Маркази ДУК ва Хитой ҳаводаги ҳаракатни бошқариш бюроси (ATMB) ўртасида икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.
“Музокаралар давомида Ўзбекистон аэронавигация хизматлари провайдери томонидан, ҳаводаги ҳаракат маршрутлари тармоғини халқаро "Бир камар, бир йўл" ташаббуси асносида мақбуллаштириш соҳасидаги ҳамкорликни рўёбга чиқариш, ходимларни тайёрлаш масалалари юзасидан ўзаро ҳамжиҳатликда иш юритиш, ҳамда ҳаводаги ҳаракатни бошқариш, парвозларни радиотехника жиҳатидан таъминлаш ва парвозлар хавфсизлигини бошқариш соҳаларида ўзаро тажриба алмашиш бўйича бир қатор таклифлар илгари сурилди”, — дейилади хабарда.
Айтилишича, Хитой делегацияси тақдим этилган таклифларни мамнуният билан қабул қилди. Ўз навбатида ташкилотлар ўртасида нафақат кўриб чиқилаётган масалалар, балки муҳандислик, спорт ва маданият масалалари бўйича ҳам яқин ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлигини билдирди.
Учрашув якунида томонлар ушбу масалалар бўйича экспертлар даражасида мувофиқлаштиришни давом эттиришга келишиб олишди.
Будет развиваться сотрудничество в области аэронавигации с Китаем
© Министерство транспорта республики Узбекистан
Маълумот учун, Ҳаво ҳаракатини бошқариш бюроси (ATMB) — ҳаво ҳаракатини бошқариш хизматларини, шунингдек, Хитой ҳаво ҳудудидаги барча фуқаролик рейслари учун алоқа, навигация, кузатув (CNS), авиация метеорологияси ва аэронавигация маълумотларини тақдим этади.