Ўзбекистон тўқимачилари Покистонда амалиёт ўташди

Мутахассислар Покистоннинг илғор тажрибасидан ўз корхоналарининг экспорт салоҳиятини оширишда фойдаланиш истагини билдиришди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 июн — Sputnik. Ўзбекистонлик 15 нафар тўқимачилик саноати мутахассислари Покистонда малака ошириш дастурларида иштирок этди, деб хабар қилмоқда "Дунё" АА.
Ўқув курслари Файсалобод миллий тўқимачилик университетида ташкил этилди. Уларда Покистонда тўқимачилик саноати ривожланиши, соҳада лойиҳаларни амалга оширишнинг муҳим жиҳатлари, "GSP+" тизими доирасида маҳсулотларни Европа бозорига экспорт қилиш мавзуларида тажриба алмашилди.

Шунингдек, тадбир доирасида мутахассислар "Nishat", "Sapphire", "Diamond", "Fateh", "Gul Ahmed" каби Покистоннинг йирик тўқимачилик компанияларига ташриф буюриб, уларда қўлланилаётган илғор тажриба билан танишишди.

Ўзбекистонлик мутахассислар Покистоннинг илғор тажрибаси, инновацион ечимларидан ўз корхоналарининг экспорт салоҳиятини оширишда фойдаланиш истагини билдиришди.
Тадбир якуний маросимида Покистон расмийлари иштирок этишди ва Ўзбекистон билан бугунги кунда эришилган ўзаро ҳамкорлик даражасини юқори баҳолашди ва тўқимачилик соҳасида ҳамоҳанг қадам ташланаётганини қайд этишди.
Ўзбекистоннинг тўқимачилик маҳсулотлари экспорти ошди