Туркия Москвада "Крокус"дан кейинги терактнинг олдини олишга ёрдам берган

Туркия Россияга Вилоят Хуросон* террорчилари ҳақида маълумотларни етказиб берган.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 18 июн — Sputnik. Туркия разведка хизматлари россиялик ҳамкасбларига "Крокус"дан кейинги терактнинг олдини олишга ёрдам берди, деб хабар қилмоқда "Hurriyet" газетаси.
"Концерт залига қилинган биринчи ҳужумдан кейин террорчи гуруҳ гавжум савдо марказига ҳужум қилишни режалаштирган. Туркия разведка хизматлари Москва билан боғланиб, иккинчи йирик ҳужумнинг олдини олишга ёрдам берди", — деб ёзади газета.
Нашрнинг ёзишича, теракт Россияда тақиқланган "Ислом давлати"*га алоқадор бўлган “Вилоят Хуросон*” террорчи гуруҳи жангарилари томонидан тайёрланган.
Газетанинг қайд этишича, турк разведка хизматлари январь ойи охирида Истанбулдаги Авлиё Марям католик черковига уюштирилган ҳужумга алоқадор бўлган "Вилоят Хуросон*" ташкилотининг маҳаллий бўлими фаолиятини узоқ вақтдан бери кузатиб келган.

Ушбу кузатув давомида разведка хизматлари бир қатор шахсларни аниқлаган ва уларни сўроққа тутган. Шундан сўнг Россия томони билан алоқа ўрнатилган.

Нашрнинг эслатишича, Москва яқинидаги савдо марказига ҳужум уюштирганлардан икки нафари терактдан сал аввал Туркияга ташриф буюрган, бу ҳақда Россия ҳуқуқ-тартибот идоралари ҳам маълум қилган.

Эслатиб ўтамиз 2024 йилнинг 22 март куни Москва вилоятидаги "Крокус-сити холл" концерт залидаги терактда 144 киши қурбон бўлди, 551 киши жароҳатланди. Терактнинг тўрт нафар бевосита иштирокчиси қўлга олинган. Тергов маълумотларига кўра, ушбу жиноятга яна беш киши шерик.

Аввалроқ Россия Хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортников "Крокус"даги терактда Украина разведкасининг иштироки аниқланганини маълум қилган эди.
* Россияда тақиқланган террорчи ташкилотлар
Крокусдаги терактга алоқадорларнинг ҳеч бири жазодан қутула олмайди — ФСБ раҳбари