ТОШКЕНТ, 16 июнь — Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Қурбон ҳайити билан табриклади.
"Сиз, азизларни, бутун халқимизни тинчлик, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик фазилатларидан тобора обод ва мунаввар бўлаётган юртимизга кириб келган Қурбон ҳайити билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Ушбу саодатли дамларда барчамиз бу улуғ айёмнинг руҳи ва шукуҳини чуқур ҳис этиб, эл-юртимиз билан биргаликда шундай ёруғ кунларга етказгани учун Яратганга чексиз шукроналар айтамиз", — дейилади табрик матнида.
Қайд этилишича, қисқа муддатда Имом Бухорий, Имом Термизий ва Имом Мотуридий халқаро илмий марказлари ташкил этилди. Абу Исо Термизий, Абу Муин Насафий, Султон Увайс Қараний, Сузук ота ёдгорлик мажмуалари тубдан обод қилинди. Янгитдан барпо этилаётган Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ва Ислом цивилизацияси марказида қурилиш ва жиҳозлаш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Шулар қаторида шаҳар ва қишлоқларимизда кўплаб муҳташам масжидлар барпо этилмоқда.
Кейинги етти йилда 60 мингдан зиёд Ўзбекистон мусулмонлари ҳаж амалларини бажаришди. Шу кунларда яна 15 минг нафари икки муқаддас шаҳар – Макка ва Мадина зиёратига бориб, ўзларининг эзгу орзуларини амалга оширмоқда.
"Дунёнинг узоқ-яқин мамлакатларидаги диндошларимизга ҳам қизғин қутловлар йўллаб, уларнинг халқлари ва мамлакатларига тинчлик, равнақ ва фаровонлик тилаб қоламиз. Илоҳим, жаҳоннинг турли минтақаларида давом этаётган уруш ва жанжаллар тезроқ барҳам топсин! Ер юзида доимо тинчлик ва осойишталик барқарор бўлсин! Бугун биз кўпмиллатли халқимиз билан бирга Янги Ўзбекистонни барпо этмоқдамиз. Янги Ўзбекистон – бу янги ҳаёт, янги тараққиёт, бахтли келажак дегани", — дея қайд этди президент.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йилда Қурбон ҳайитининг биринчи куни 16 июнь – якшанбага тўғри келиши муносабати билан юртимизда 16 июнь Қурбон ҳайити байрами сифатида нишонланади.