TOШКЕНТ, 13 июн — Sputnik. Ўзбекистонда 14-28 июль кунлари олий таълим муассасаларига кириш тест синовлари бўлиб ўтади. Бу ҳақда олий таълим, фан ва инновациялар вазири Конгратбай Шарипов қуйи палатада бўлиб ўтган “Ҳукумат соати”да айтиб ўтди.
Қайд этилишича, 2024/2025 ўқув йили учун бакалавриатга қабул бўйича рўйхатдан ўтишнинг биринчи босқичи 5 - 25 июнь кунлари бўлиб ўтади. 1-25 июль кунлари ижодий имтиҳонлар, 14-28 июль кунлари эса тест синовлари ўтказилиши режалаштирилган.
Айтилишича, имтиҳонлар якунлангач, 30 июлдан бошлаб 15 кун йўналиш танлаш имконияти яратилади. 13 августда (шу куни ҳам) ушбу муддат якунланади.
Мандат жавоблари 22 августга қадар эълон қилинади.
Маълумот учун, 2024-2025 ўқув йилидан бошлаб давлат олий ва профессионал таълим муассасаларига (касб-ҳунар мактаби бундан мустасно) қабул қилиш бўйича имтиҳонлар “аввал тест, сўнг танлов” тамойилига мувофиқ бир вақтда ўтказилади. Бунда абитуриентлар ўз танловига кўра тест синови натижасида тўплаган балидан келиб чиқиб, дастлаб олий таълимнинг бакалавриат таълим йўналишларига, сўнг профессионал таълим муассасаларига ўқишга кириш учун танловда иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили ўқишга кириш учун ҳужжат топширган абитуриентлар сони 948 486 нафарни ташкил этган. Тест синовлари ҳудудлардаги абитуриентлар сони ва имтиҳонлар ўтказиладиган биноларнинг сиғимига қараб 11 кундан 13 кунгача ўтказилган.