TOШКЕНТ, 11 июн — Sputnik. Қирғизистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон Қамбарота ГЭС-1 қурилиши тўғрисида шартнома имзолади. Бу ҳақда Қирғизистон вазирлар маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.
Хабар берганимиздек, Вена шаҳрида бўлиб ўтган халқаро энергетика форуми доирасида уч мамлакат энергетика вазирликлари вакиллари томонидан Қирғизистон ҳудудида йирик ГЭС қурилиши бўйича ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжат имзоланган.
“Форум доирасида Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон энергетика вазирликлари ўртасида Қамбарота ГЭС-1ни қуриш ва фойдаланиш лойиҳасини амалга оширишга тайёргарлик кўриш тўғрисида уч томонлама битим имзоланди”, — дейилади хабарда.
У ерда Қамбарота ГЭС-1 қурилишини мувофиқлаштирувчи донор қўмитаси ҳам ташкил этилган.
Қўмита таркибига бир қатор молиявий институтлар, жумладан, Жаҳон банки, ОПЕК жамғармаси, Осиё тараққиёт банки, Осиё инфратузилма инвестиция банки, Ислом тараққиёт банки, Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва бошқалар кирди.
Томонлар, шунингдек, энергетика соҳасида, жумладан, қайта тикланадиган энергия манбаларида ҳамкорликни янада ривожлантириш, Қамбарота ГЭС-1 да сув ва энергия ресурсларидан фойдаланишнинг ўзаро мақбул механизмларини яратишга келишиб олишди.
Қайд этилишича, Қирғизистонда ҳозирданоқ ГЭС қурилишига ҳозирлик кўрилмоқда, унинг ишга туширилиши мамлакатдаги электр тақчиллиги муаммосини ҳал қилади.
Режага кўра, Норин дарёсидаги 1860 МВт қувватга эга ГЕС Марказий Осиёдаги энг йирик гидроелектр станцияларидан бирига айланади ва республикага электр энергияси экспорт қилувчи давлатга айланиш имконини беради.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, объектни қуриш тахминан 4,5 миллиард долларга тушади.