Энди жиноят ишлари бўйича судларда тергов судьяси лавозими жорий этилади

Келаси йилдан айрим масалалар тергов судьялари томонидан кўриб чиқилади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 11 июн — Sputnik. Жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими жорий этилади. Бу ҳақда президент имзолаган тегишли фармонда назарда тутилган.
Янги фармонда тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари ҳақида сўз боради.
Унга кўра, 2025 йил 1 январдан жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масаласи жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида алоҳида судьялар – тергов судьялари томонидан кўриб чиқилиши тартиби жорий этилади.
“Жиноят ишлари бўйича туман, шаҳар судларида тергов судьяси лавозими киритилади”, — дейилади ҳужжат матнида.
Шунингдек, жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши тартиби белгиланди.
“Тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати берилади”, — дея қайд этилган ҳужжат матнида.
Қолаверса, тергов судьялари томонидан кўриб чиқиладиган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни юқори инстанцияларда қайта кўриб чиқишнинг амалдаги тартиби сақлаб қолинади.
Тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга оширади ҳамда фақат қонунга бўйсунади.
Фармонга кўра:
тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсунади ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмайди;
тергов судьяларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш, шунингдек, судьялар корпусини шакллантириш қонунда белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилади;
тергов судьясининг ташкилий фаолиятига раҳбарлик тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ҳарбий суд раислари томонидан амалга оширилади.
Қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш тергов судьяси фаолиятининг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди. Тергов судьяси лавозими учун штат бирликлари судларнинг мавжуд штат бирликлари ҳамда 2025–2027 йиллар учун ажратиладиган қўшимча штат бирликлари ҳисобидан шакллантирилади.