Ўзбекистонда янги ўқув йили учун 1-синфга қабул санаси маълум бўлди

1-синфга қабул жараёнлари 2 босқичда амалга оширилади.
Sputnik
TOШКЕНТ, 10 июн — Sputnik. Ўзбекистонда 2024-2025 ўқув йили учун 1-синфга қабул 20 июндан бошланади. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, 1-синфга қабул жараёнлари 2 босқичда амалга оширилади.
1-Босқич: 20 июндан 31 июлгача микро-ҳудуд доирасида;
2-Босқич: 1 августдан 15 августгача микро-ҳудуддан ташқарида.
1-синфга қабул жараёнлари 43 та ҳудудларда электрон шаклда давлат хизматлари орқали амалга оширилади. Бунда ота-оналар 20 июндан бошлаб электрон платформа орқали рўйхатдан ўтиб, ариза топширишлари мумкин.
Давлат хизматлари кўрсатилмайдиган ҳудудларда 1-синфга қабул қилинган ўқувчилар вазирлик электрон тизимига киритилади.
Маълумот учун, “Таълим тўғрисида”ги қонунга мувофиқ, болалар 7 ёшга тўладиган йилда мактабга қабул қилинади. Бу йил 1-синфга 2017 йилнинг 31 декабрига қадар туғилган болалар қабул қилинади. Электрон қабул жараёнлари юзасидан вазирлик колл-марказининг 71-203-07-04 рақами ёки телеграмдаги @mymaktab_uz расмий канали орқали қўшимча маълумот олиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, йил бошида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги Ўзбекистонда “Қизил” тоифага киритилган мактаблар сони 1 526 тадан 404 та камайтирилгани хақида маълум қилган эди. 2023 йилда умумтаълим мактаблари сони 10 163 тага, нодавлат умумтаълим ташкилотлари сони 449 тага етди. 37 та мактаб филиалларига умумий ўрта таълим мактаби мақоми берилди. 700 минг нафарга яқин болалар 1-синфга қабул қилинди.