ТОШКЕНТ, 10 июнь — Sputnik. Венгрия Тошкентда йирик меҳмонхона очиш лойиҳасини амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда "Дунё" АА хабар берди.
Ўзбекистон элчиси Ойбек Шахавдинов Венгриянинг "Matild Palace" меҳмонхонаси бош менежери Селим Улмас билан учрашди. Унда Венгрия томони меҳмонхона бизнесида, айниқса, туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга юксак баҳо берди.
Музокаралар чоғида меҳмонхона бизнеси учун давлат томонидан берилаётган имтиёзлар атрофлича муҳокама қилинди.
“Меҳмонхона бош менежери Ўзбекистон билан шериклик ва ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда Тошкент шаҳрида йирик меҳмонхона очиш лойиҳасини амалга оширишдан манфаатдор эканлигини билдирди”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, 30 июньдан Тошкент-Будапешт-Тошкент йўналиши бўйича авиақатновлар қайта тикланади. Ушбу парвоз Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш истагини билдирган венгриялик ишбилармонлар учун кўплаб имкониятлар яратиши таъкидланди.