ТОШКЕНТ, 9 июнь — Sputnik. Ўш вилояти делегацияси Андижон вилоятининг оилавий тадбиркорликни ривожлантириш бўйича тажрибасини ўрганди, дея хабар берди "Дунё"АА.
Ўзбекистон Бош консулхонаси кўмагида Ўш вилояти Қорасув тумани делегациясининг Андижон вилоятига сафари ташкил этилди.
Қорасув тумани давлат администрацияси Ижтимоий сектори мудири Казыбек Тажибаев ва Меҳнат, ижтимоий таъминот ва миграция бошқармаси бошлиғи Эгенберди Ахмедов бошчилигидаги делегация таркибига тумандаги турли соҳаларда фаолият юритаётган тадбиркорлар киритилди.
"Сафар давомида Хонобод шаҳридаги "Янги ҳаёт" маҳалла фуқаролар йиғинида ташкил этилган қўзиқорин етиштириш бўйича оилавий корхона фаолияти ўрганилди. Ушбу тажрибани Ўш вилоятининг Қорасув туманида тадбиқ этиш бўйича фикр алмашилди. Қирғизистон томони, шунингдек, Қўрғонтепа туманидаги "Khantex Group" текстиль кластери ва Хонобод шаҳридаги ичимлик суви ишлаб чиқарувчи "Water life" корхонаси фаолияти билан танишди", — дейилади хабарда.
Шунингдек, тадбиркорлар Қўрғонтепа туманидаги "Соҳибқирон" маҳалла фуқаролар йиғинида бўлиб маҳалла тизими, маҳалла "еттилиги"нинг ишсизликни камайтириш, жиноятчилик профилактикаси, ёлғиз ва эҳтиёжманд оилаларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизими бўйича ишларни ўрганди.