ТОШКЕНТ, 4 июн — Sputnik. Ўзбекистон Саудия Арабистони, Марокаш Султонлиги, Миср, Кувайт, БАА, Малайзия, Туркманистон, Тожикистон ва Қозоғистон билан туризм соҳасида қатор келишувларга эришди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Экология вазири Азиз Абдуҳакимов Хивада бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотига (ИҲТ) аъзо давлатлар туризм вазирлари Ислом конференциясининг XII сессиясида хориж делегациялари раҳбарлари билан бир қатор учрашувлар ўтказди.
Саудия Арабистони туризм вазири маслаҳатчиси билан суҳбатда “Қадимий Бухоро” туризм зонаси қурилишига саудиялик инвесторларни жалб қилиш масаласи муҳокама қилинди. Қайд этилишича, мазкур лойиҳа билан яқиндан таништириш мақсадида инвесторлар билан учрашув ташкил қилишга келишиб олинди.
Марокаш Султонлигининг Ўзбекистондаги элчиси Моҳаммед Адил Эмбарч билан машҳур араб тадқиқотчиси “Ибн Батута изидан” мавзусида тарғибот лойиҳаларини ишлаб чиқиш, Фатим-Захра Амморнинг Ўзбекистонга ташрифинии ташкил қилиш бўйича келишувга эришилди.
Туркманистон маданият вазири билан учрашувда енгиллаштирилган виза тизимини жорий этиш масаласи кўриб чиқилди.
“Виза тизимини енгиллаштириш бўйича Туркманистон ҳукумати томонидан узил-кесил қарор қабул қилса, дастлабки босқичда Хоразм ва Аваза ўртасида енгиллаштирилган виза тизимини жорий қилиш орқали ўзаро сайёҳлар ташрифини ташкил этиш бўйича ҳамкорлик дастурини имзолашга келишилди”, — дейилади хабарда.
“UN Tourism” ташкилотининг Яқин Шарқ бўйича минтақавий директори Самарқандда янги ташкил қилинган “UN Tourism Academy” ва Саудияда ташкил қилинган “UN Tourism Academy” ўртасида ҳамкорлик ўрнатишни таклиф қилди.
Ўзбекистон томони мазкур таклифни қўллаб-қувватлади ва ҳамкорлик доирасида нафақат педагоглар, балки талабаларнинг ҳам бир йиллик даврда турли академияларда таълим олишини ташкил қилиш таклифини илгари сурди. Учрашувда бу тажрибанинг механизмларини ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилди.
Қайд этилишича, Тожикистон туризмни ривожлантириш бўйича “ўзбек тажрибаси”га катта қизиқиш билдирмоқда.
Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида қуйидагиларни ташкил этишга келишилди:
мунтазам равишда В2В учашувларни ташкил қилиш;
Ўзбекистон мактаб ўқувчилари учун Тожикистонда ёзги таътил давомида саёҳатлар уюштириш;
ўзаро инфо-турларнинг сонини ошириш;
туризм соҳасида мавжуд норматив ҳуқуқий асосларни мувофиқлаштириш.
Миср Туризм ва осори-атиқалар вазири ўринбосари билан суҳбат давомида авиақатновлар сонини ошириш, визаларни енгиллатиш ҳамда кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича бир қатор лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олинди.
Кувайт ахборот вазири ўринбосари Насер Аҳмад Муҳайсан билан учрашувда икки давлат ўртасида аниқ таклиф ва йўналишларни ўз ичига олган битим ва дастур ишлаб чиқиш, кўргазмаларда иштирок этиш ва ўзаро ташрифларни жадаллаштириш ҳамда ишбилармон доиралар ўртасида алоқаларни мустаҳкамлашга келишилди.
Малайзия Туризм, санъат ва маданият вазирлигининг бош котиби билан сўнгги йилларда эришилган келишувлар ижроси муҳокама қилинди.
“Ҳамкорликнинг асосий йўналишлари таълим ва Умра+ йўналишлари эканлиги таъкидланди. Шу билан бирга, Умра+ йўналишида юртимизга ташриф буюрувчи сайёҳлар учун авиачипталарда гуруҳ тарифларини қўллаш масаласини тиклашни кўриб чиқиладиган бўлди”, — дея қайд этилган хабарда.
Бирлашган Араб Амирликлари иқтисодиёт вазири ўринбосари билан учрашувда туризм соҳасида инфо турлар ташкил қилиш, В2В учрашувлар ва кўргазмаларда иштирокни жадаллаштириш, турли қўшма тарғибот лойиҳаларини (“Coolest winter”, “How to spend 100$ in Uzbekistan”, etc.) амалга оширишга келишиб олинди.
Қозоғистон Туризм вазири ўринбосари билан эса Ўзбекистон-Қозоғистон туризм ҳалқасини яратиш, Марказий Осиё трансчегаравий турларини шакллантириш масаласи муҳокама қилинди.
Томонлар ўртасида янги йўналиш сифатида экотуризмни ривожлантириш учун қўшма лойиҳалар ишлаб чиқишга (Бўзжира-Орол йўналишида қадимги Тетис океани туби бўйлаб экстремал турлар ташкил қилиш, икки давлат кўллари бўйлаб гранд турлар ташкил этиш) келишиб олинди.