Тошкент вилоятидан Нижний Новгородга 5 мингдан ортиқ ишчи юборилади

Ўртача ойлик иш ҳақи 50-70 минг рублни ташкил этади.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 4 июн — Sputnik. Тошкент вилоятидан Россияга 5 мингдан ортиқ ишчи юборилади, дея хабар берди вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати.
Россия Федерациясининг Автоном нотижорат ташкилоти Минтақавий кадрлар агентлиги ҳамда Тошкент вилояти Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси ўртасида меморандум имзоланди.
Тошкент вилоятидан Россияга 5 мингдан ортиқ ишчи юборилади

“Музокаралар чоғида вилоятдан қишлок ҳўжалиги, қурилиш, ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш, деҳқончилик соҳасида 5 мингдан ортиқ ишчилар зарурлиги, ўртача ойлик иш ҳақи 50-70 минг рублни ташкил этиши қайд этилди”, — дейилади хабарда.

Нижний Новгород вилояти делегацияси ташриф давомида Тошкент вилоятидаги ўқув марказларида меҳнат мигрантларининг Россияда қонуний ишга жойлашиш бўйича ҳуқуқий саводхонлигини оширишга қаратилган профилактик тадбирлар билан танишди.
Уларга тил ўргатиш курсларида ўқиш, россиялик иш берувчилар талабига биноан малака ошириш, фуқароларни жўнаб кетишдан олдин кенг қамровли тайёрлаш ишлари хусусида тушунтиришлар берилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакили Ортиқхўжа Норов 2024 йил бошидан буён 23,5 минг киши хорижга ишга жойлаштирилганини маълум қилган эди. 23 535 кишига Россия, Туркия, Қозоғистон, Жанубий Корея, Буюк Британия, БАА, Германия, Латвия, Беларусь, Литва, Япония, Польша ва бошқа давлатларда ташкилий ва манзилли тартибда ишга жойлашишига кўмаклашилган.