Ўзбекистонлик журналистлар Ҳиндистонда малака оширади

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Ҳиндистон Пресс-клуби ўртасида аҳдлашув меморандуми имзоланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 июн — Sputnik. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Ҳиндистон Пресс-клуби ўртасида аҳдлашув меморандуми имзоланди, дея хабар берди “Дунё” АА.
Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари вакиллари делегацияси Ҳиндистонда ўзаро ҳамкорликни янада фаоллаштиришга қаратилган музокаралар ўтказди. Унда икки мамлакатдаги ислоҳотларни кенг жамоатчиликка етказиш, ушбу жараёнга етакчи оммавий ахборот воситаларини фаол жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Ҳиндистон Пресс-клуби ўртасида аҳдлашув меморандуми имзоланди
“Тадбирда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ва Ҳиндистон Пресс-клуби ўртасида аҳдлашув меморандуми имзоланди”, — дейилади хабарда.
Журналистлар уюшмаси раиси вазифасини бажарувчи Холмурод Салимовнинг сўзларига кўра, имзоланган ҳамкорлик меморандумида ўзбекистонлик журналистларни Ҳиндистонда билим ва малакасини ошириш, таниқли ҳинд журналистлари иштирокида маҳорат дарслари ўтиш ва бошқа муҳим вазифалар кўзда тутилган.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Ҳиндистон етакчи оммавий ахборот воситалари вакилларининг мулоқотлари чоғида икки томонлама ижодий алоқаларни янги босқичга кўтаришнинг амалий йўналишлари белгилаб олинди.