Ўзбекистон Мисрда дистрибьюторлик маркази ва савдо уйи очади

Ўзбекистон Савдо саноат палатаси ва Мисрнинг "Ал-Наср экспорт-импорт" компанияси ўртасида битим имзоланди.
Sputnik
ТОШКЕНТ, 3 июн — Sputnik. Мисрда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг дистрибьюторлик маркази ва савдо уйи очилади, дея хабар берди "Дунё" АА.
Ўзбекистон Савдо саноат палатаси ва Мисрнинг "Ал-Наср экспорт-импорт" компанияси вакиллари ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди.
“Ўзбекистон Савдо саноат палатаси ва Мисрнинг "Ал-Наср экспорт-импорт" компанияси раҳбарлари ўртасида Мисрда ўзбек компаниялари маҳсулотларининг дистрибьюторлик маркази ва савдо уйини очиш бўйича битим имзоланди”, — дейилади хабарда.
Қайд этилишича, келишув икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларини янада мустаҳкамлаш ҳамда ишбилармонлар ҳамкорлигини кенгайтиришга қаратилган.

"Мулоқот чоғида Ўзбекистон ва Миср ўртасида ўзбек товарлари учун бир ёки бир нечта савдо уйларини очиш, Мисрда ҳар икки томон учун мақбул бўлган шартларда дистрибьюторлик маркази ва ишлаб чиқариш кооперациясини ташкил этиш орқали ўзаро савдони ривожлантириш бўйича келишиб олинди", — дея қайд этилган хабарда.

Бундан ташқари, томонлар ўртасида мазкур келишувни фаол илгари суриш бўйича ишчи гуруҳ тузилди.
Ушбу савдо ва дистрибьюторлик марказлари орқали Европа, Яқин Шарқ ва Африка мамлакатларига Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни экспорт қилиш режалаштирилмоқда.
Айтилишича, Ўзбекистон Савдо саноат палатаси делегацияси Мисрга боради ва Порт Саид эркин иқтисодий зонасида республика компаниялари учун алоҳида ҳудуд ажратилади.
Миср компанияси ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар билан ҳамкорлик қилмоқчи